Image default
ЖАМИЯТ ЎЗБЕКИСТОН

Оққонга чалинган бола учун ҳатто 2 доллар ҳам аҳамиятли

 Азиз муштарийлар! Бу сафар хайрия акцияси уюштирмаяпмиз. Бугунги мақоламизда юртимиздаги сахийлар ҳақида сўз боради.

 Аввал уйдан сигир ва бузоқча сотилди. Кейин қўйлар, сўнгра эса картошка ва олма ҳосили пулланди…

-Сотишга бошқа ҳеч нарсамиз қолмади. Укамнинг ҳовлисидан ҳам пулланиши мумкин бўлган барча нарса сотилди, — деганди, таҳририятимизга ёрдам сўраб мурожаат қилган Муродилла ака. Унинг ўғли оққон, яъни қон саратонига чалинганлиги аниқланган.

5 ёшли Нурмуҳаммад диванда жим, қимирламай ўтирарди.

-У жуда ҳокисор, — дейди Муродилла ака аёлига бола устини кўрпа билан ёпишга ишора қилар экан, — аммо бир оз инжиқ, икки қизимиздан кейинги кенжатойимиз, шунинг учун эркароқдир балки.

Абдуҳаевлар оиласи Наманган вилоятининг Нанай қишлоғида истиқомат қилади. Икки ойдан буён эса фарзанди хасталиги учун Тошкентда яшаб келмоқдалар. Нанайдаги уйи ҳақида фақат атрофдаги суратлар эслатиб туради: қор билан қоплаган шинамгина ҳовли, тандир ва қачонлардир оилага тегишли товуқларнинг дон чўқиб юриши. Товуқлар ҳам Нурмуҳаммаднинг бошига тушган ўткир лимфобластли лейкозга қарши курашиш мақсадида сотилиб кетган…

Маълумот учун:

Ўткир лимфобластли лейкоз – суяк илиги ва қон касаллиги бўлиб, янги қон ҳужайраларининг пайдо бўлишига тўсқинлик туғилади. Касаллик жуда тез суръатларда ривожланади ва ўз вақтида кўрсатилмаган тиббий ёрдамсиз инсон бир неча ой ҳатто ҳафталар ичида нобуд бўлади. Даволанишнинг замонавий усуллари 80–85% болаларнинг тузалиб кетиш имконини беради.

 Мен бунга асло ишонмайман!

Даставвал, Муродилла ака ўғли бу мудҳиш касалликка чалинганлигига ишонгиси келмаган. Қўрқинчли ташхисни эшитгач, ота умр йўлдоши Дилфуза опага ҳам айтишга журъат этмади. Яна бир киши –  онанинг фарёдини эшитиш у учун жуда оғир эди. Боланинг 20 кундан буён иситмалаши, шунчаки, шамоллаш асоратлари деб ҳисоблаб келган ота-она, фарзанди лейкоз каби оғир дардга учрагани ақлга сиғмас эди…

На ҳиссиётларга берилишни ва на равшан фикрлашни билмай қолган ота укаси олдига бориб, дардини айтади. Эркаклар дод уриб йиғлаб бўлгач, икки деҳқон боланинг ҳаётини сақлаб қолиш учун маблағни қаердан олишни ўйлай бошлайдилар.

Боланинг онаси Дилфуза опа фарзандига оққон ташхиси қўйилганлиги ҳақида Тошкентдаги Гематология ва қон қуйиш институтидаги даволовчи врачдан билиб олади. Абдуҳаевлар ташхиснинг нотўғри қўйилганига охиригача умид боғлаб турдилар. Бошқа кичик беморларнинг ота-оналари кузатилаётган касаллик аломатлари, кўпинча, бошқа хасталик аломатлари бўлиши мумкин, деб овутарди.

– Тошкентдаги Гематология ва қон қуйиш Институти билан биз Нурмуҳаммаднинг таҳлилларини Москвага юборишга 352 доллар сарфладик.

– Нега 350 доллар?

– 350 эмас, 352, — деб тўғрилаб қўйди Муродилла ака. Бу оила учун икки доллар ҳам ўта аҳамиятли эканлиги шундан билинади. – Таҳлил аниқ чиқиши учун Москвада ҳам текширтирдик-да… Натижалар тасдиқланди: суяк илигининг катта қисми зарарланиб бўлган экан.

 Дада, менга пиширилган картошка олиб келасизми?

Даволанишнинг биринчи ойи айниқса даҳшатли эди. Нурмуҳаммаднинг қорни шишиб кетиб, қаттиқ оғриқ туфайли ухлай олмасди. Дилфуза опа боласи азобларини енгиллаштириш учун уни фақат қўлида олиб юрар эди.

Болакайнинг аҳволи нисбатан яхшилангач, врач у имкон қадар ўзи ҳаракатланиши кераклигини тавсия қилди. Бу мушаклар атрофиясининг олдини олар, аммо боланинг босган ҳар бир қадами қаттиқ оғриқ берарди. Гўдакка юришни ўргатгандек, Нурмуҳаммаднинг онаси ҳам кўз ёшларини ютиб, 5 ёшли фарзандини қайта юрғизишга ҳаракат қилар эди. Отаси унга масофадан туриб бошқариладиган машинани совға қилгач, бола ўйинчоққа қизиқиб қолди. Айнан шу машина боланинг ўзи юра бошлашига сабаб бўлди. 

Муродилла ака эса ўзига ўхшаган яна бошқа 6 нафар бошига шундай синов тушган оталар билан ижарадаги хонадонда яшаб юрибди. Куни касалхонага овқат ва дори-дармон ташиш билан ўтади.  

-Авваллари мен таом пиширишни билмас эдим, — дея жилмаяди суҳбатдошимиз. — Бошқа оталарни кузатиб, ўрганиб олдим. Билмаганимни сўрадим. Нурмуҳаммадимга ҳаммасидан мен пиширган картошка ёқади: аввал қовурилиб, кейин димлангани. Тишлари оғрийди, даволаш эса ҳозирча мумкин эмас. Картошка эса юмшоқ, оғритмайди.

Ота фарзандига овқат етказгач, шифохона биноси олдида зарур дориларни етказишга шай бўлиб туради. Кундалик харажатлар турли хил: ўртача 100 минг сўмдан бир миллион сўмгача. Ҳамёнидаги пуллар тугаса, четга ўтиб йиғлашдан ўзга чора қолмайди. Боласининг гўшакдаги овози эса унга қайтадан ишонч ва куч бағишлайди. Фарзанди билан кўришиш фақат палата деразаси ёнида туриб имо-ишора билан чекланади.  

Айниқса, Дилфуза опа қўшни палаталардан келган қайғули хабарларни эшитгач, ўғли олдида йиғламасликка астойдил ҳаракат қиларди.

 Бор бисотингни сотиб бўлгач…

Касаллик билан курашнинг биринчи босқичида оила барча маблағларини сарфлади. Муродилла аканинг сўзларига кўра, сарф-харажатлар қарийб 60-70 млн сўм атрофида бўлган.

– Бошқа ота-оналарнинг айтишича, керакли дори-дармонлар учун ҳафтасига 2 млн сўм атрофида маблағ керак бўлади. Ҳозирча, Нанайдан укам етказиб турган маблағларга кун кечириб турибмиз. Мен ундан пулни қаердан олаётганини ҳам сўрамай қўйдим. Олишдан бошқа чорам йўқ. Kun.uz сайтига ҳам иложсизликдан мурожаат қилгандим.

***

Врач Нурмуҳаммадга 3-курс муолажаларини тайинлади. Кейингиси 2020 йилнинг 6 январига белгиланган. Ўзбекистондаги КНАУФ компанияси Абдуҳаевлар оиласига беғараз ёрдам тариқасида 32 млн сўм миқдорида маблағ ажратди. Тошкент Гематология ва қон қуйиш Институти шифокорлари ва Ezgu Amal хайрия фонди мутахассисларининг айтишларича, ушбу маблағ боланинг келгусида даволанишига кетадиган сарф-харажатларни қоплайди.

Агар сизнинг компаниянгиз ҳам шу каби оғир дардни бошидан кечираётган инсонларга ёрдам беришни истаса – Kun.uz сайтига ёки Ezgu Amal фондига мурожаат қилишингизни сўраб қоламиз.

Аброр Зоҳидов.

Похожие сообщения

EVOS E’TIROFI-2019 мукофоти. EVOS’нинг энг яхши ходимлари тақдирланди

user_03

«Туронбанк» АТБнинг замонавий банк хизматлари офиси яна биттага кўпайди

user_03

«Оптимист»: «Ўзбекистонда электр муаммосини тўлиқ ҳал қилиш мумкин»

user_03

Оставить комментарий